08.07.2021

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири Янги Ўзбекистонни барпо этишда муҳим омил

Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг асосий қонунларида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг қонунларга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради.
Шу боис парламентимиз томонидан «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Виждон эркинлиги – ижтимоий-фалсафий тушунча; ҳар кимнинг ўз эътиқодига кўра, мазкур жамиятда мавжуд ижтимоий меъёрларни бузмаган ҳолда виждони буюргани бўйича яшаш, ишлаш имконияти. Бунда динга муносабат масаланинг бир томони ҳисобланади. Сиёсий жиҳатдан Виждон эркинлигига демократия кўринишларидан бири сифатида қаралади. Юридик нуқтаи назардан Виждон эркинлиги инсоннинг асосий шахсий ҳуқуклари сирасига киради ва демократик эркинликлардан бири ҳисобланади.
 Конституцияга кўра, «ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга» (31-модда).
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси бўйича, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Айни вақтда янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга кўра, динга муносабатидан қатъи назар фуқароларнинг тенглиги таъминланади. Ушбу қонунда таъкидланишича, ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди. Қонун муайян ёшга етган фуқароларнинг ўз диний эҳтиёжларини қондириш учун диний ташкилот тузиш, олий ва ўрта диний ўқув юртларида таълим олиш тартиб-қоидаларини ҳам белгилаб берган. Айни вақтда диндан давлат ва Конституцияга қарши тарғибот олиб боришда, миллатлараро адоват уйғотишда, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмаларни тарқатишда, аҳоли ўртасида ваҳима чиқаришда ҳамда давлат, жамият ва шахсга қарши қаратилган бошқа ғаразли мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
 Юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш ҳар доим устувор вазифалардан бири бўлиб келган. Ушбу мақсадда Қонун виждон эркинлиги меъёрларини аниқ кўрсатиб, фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини таъминлайди. Шунингдек, ҳар қандай динга зўравонлик билан киритишни тақиқлайди.
Демократик давлатлар қаторида, қонун устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам диннинг сиёсатга аралашиши ҳамда диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги Қонунда аниқ кўрсатилди.
 Қонундаги асосий ўзгаришлар қуйидагилардан иборат: Фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чеклов бекор қилинди; (4 июлга қадар амалда бўлган қонуннинг 14-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмасди).
Диний ташкилот тузиш учун ташаббускорлар сони 50 нафар этиб белгиланди; (эски қонуннинг 8-моддасига кўра 100 нафардан кам бўлмаслиги керак эди).
Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш бўйича берилган аризани кўриб чиқиш муддати 1 ой этиб белгиланган; (эски қонуннинг 11-моддасига кўра бу муддат 3 ойни ташкил қиларди).
Диниий ташкилот раҳбарининг Ўзбекистон фуқароси бўлиши тўғрисидаги талаб чиқариб ташланди; Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказишда маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиб-таомили мутлақо бекор бўлди. Энди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-1-моддаси (Фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юриши) ҳам ўз аҳамиятини йўқотди.
Қонунда фуқароларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда тинч-тотувликни таъминлашга, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришига шарт-шароит яратишга давлатнинг кафил экани қайд этилди.
 Мазкур Қонун диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, диннинг асл моҳиятини англашга, бузғунчи ғояларга қарши иммунитет ҳосил қилишга, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.
Умуман олганда, ушбу Қонун инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган, диний соҳада умумэътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликлар, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистонда динлараро муносабатлар шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олгани билан аҳамиятлидир.
Қонун турли динларга эътиқод қилувчи мамлакатимиз фуқаролари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабатларини сақлаб қолиш ва янада мустаҳкамлаш, уларнинг диний эътиқод билан боғлиқ қадриятлари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилиниши ҳамда тўлиқ таъминланишини кафолатлайди.
Бу эса, ҳеч шубҳасиз, янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни дунёга тараннум қилишнинг энг муҳим шарти ва гаровидир.
 
Ўткир Ғузаров, 

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири

Оставить комментарий

Комментарии