05.07.2021

ЭНГ ХАВФЛИ ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТ..

Дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаган. Жумладан, ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган ислом дини ҳам юксак инсоний фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилган. У туфайли халқимиз минг йиллар мобайнида бой маънавияти ва мероси, ўзлигини омон сақлаб келди. Шу нуқтаи-назардан қараганда одамларнинг эътиқоди ва диний ҳиссиётларидан фойдаланиб, экстремистлар ва террорчилар томонидан “ислом байроғи” остида содир этилаётган жиноятлар уларнинг асл қиёфасини намоён этмоқда дейиш мумкин. Айни пайтда бундай жараёнлар кишиларни доимий огоҳ бўлишга, ҳақиқий диний қардятларни уларнинг сохта ва ғаразли талқинларидан фарқлашга ёрдам берадиган билимларни эгаллашга ундайди.

Экстремизм инсоният билан бирга ХХI асрга кириб келган энг хавфли ижтимоий иллатлардан биридир. Экстремизм диний ранг-барангликларни рад этиши билан мамлакат тараққиётининг муҳим тарихий омили бўлган фуқаролараро ҳамжиҳатликка раҳна солади. Сиёсат ва иқтисодни издан чиқаради, неча даврлардан бери сайқалланиб келаётган маънавиятга болта уради. Халқни қўрқув ва ваҳимага солишга ҳаракат қилади. Нотинчлик ҳолатини юзага келтириб, асосий мақсади бўлган ер ости ва устки бойликларни қўлга киритишга интилади. Ақидапарастлар нафақат ижтимоий ҳаётнинг сиёсий, иқтисодий ёки маданий соҳаларига зарар етказадилар, балки жамиятга оммавий тарзда психологик босим ўтказиб, энг мудхиш шакллардаги зўравонлик ва агрессивлик мафкурасини ёядилар.

Шу нуқтаи-назардан жамиятда диний асосда низолар чиқаришга йўл қўймаслик, динни сиёсийлаштириш ва сохталаштириш орқали мамлакатдаги ижтимоий барқарорликни издан чиқаришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатнинг олдини олиш давлат ва жамиятнинг олдида турган ҳаётий муҳим масалалардан бири ҳисобланади. 

Экстремизмга қарши курашнинг самарадорлигини оширишда  халқаро ташкилотлар, давлатлараро кўп ва икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, миллий қонунчиликда мустаҳкам ҳуқуқий асосни шакллантириш, шунингдек, ақидапараст гуруҳларнинг жиноий фаолиятини фош этиш ва алоҳида  диний экстремистик ғояларга қарши мафкуравий иммунитет шакллантириш муҳим ўрин тутади. 

         Бугунги кунда экстремизм  ва терроризм алоҳида мамлакатларнинг миллий хавфсизлиги ва умуман жаҳон ҳамжамиятига жиддий таҳдид солаётган омилга айланди. Умумбашарий муаммога айланган экстремизм ва терроризмни жаҳон ҳамжамияти фақат биргаликда ҳаракат қилибгина енга олиши мумкинлиги аксарият давлатлар томонидан тан олинган ҳақиқатдир. Ўзбекистоннинг экстремизм ва терроризмга қарши халқаро майдонда олиб бораётган сиёсати минтақа ва умумбашарий даражада тинчлик ва барқарорликни  сақлаш, мамлакат ривожланишининг бардавомлиги ва халқнинг эркин, фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилган. Бугунги кунда БМТ нинг терроризмга қарши курашга доир 13 та асосий ҳужжати мавжуд бўлиб, Ўзбекистон ушбу йўналишдаги барча конвенция ва протоколларни имзолаган ва изчил ижро этиб келмоқда.

         Республикада экстремизм ва ақидапарастликка қарши кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилганда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “Ўзбекистон-суверен демократик республика” (1-модда) ва “Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас”(12-модда), деб белгилаб қўйилганлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

         Экстремизм ва терроризм билан боғлиқ ҳатти-ҳаракатлар, ноқонуний диний жамоалар тузиш, уларнинг фаолиятига иштирок этишга ундаш учун жавобгарликка тортиш асоси ва тартиби Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексида белгиланган.

         Демак, бундай бузғунчи оқимлар, экстремистик гуруҳлар маънавиятни емирувчи қора иллат экан, булар Муқаддас Ислом динимизнинг мутлақо аксидир. Чунки Исломда динга даъват қилишда мажбурлаш ва куч ишлатиш қаттиқ қораланади: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди” (“Бақара сураси, 256-оят). Қуръони Каримнинг элликдан зиёд сураларида мусулмонлар тинчлик ва бағрикенгликка чақирилган. Мусулмонлар учун энг афзал амал ҳақидаги ҳадиси шарифда ҳам шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, мусулмонларнинг афзали ким?”, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “Қўлидан ва тилидан бошқа мусулмон озор топмаган киши”, дедилар”.

         Экстремистик ва террорчи гуруҳлар халқ маънавиятини йўқ қилишга уринаётган бир пайтда Ислом дини уни юксалтиришда қанчалар муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Ислом дини ёвузлик хизматчилари бўлган бундай адашган тўда ва оқимлардан, уларнинг ёт ғояларидан ҳар тарафлама мутлақо покдир!

 

Тўхтаев Алибек,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

 ислом билим юрти ўқитувчиси

Оставить комментарий

Комментарии