28.07.2021

Аҳли сунна ким?

Ҳофиз Муртазо Зубайдий роҳимаҳуллоҳ "Итҳофус содатил муттақин"да айтади: "Агар "аҳли сунна вал жамоа" деган гап ишлатилса, бундан Ашъарийлар ва Мотуридийлар назарда тутилган бўлади".

Бошқа ўринда: "Аҳли сунна"дан мурод тўрт тоифадир: 1. Муҳаддислар. 2. Сўфийлар. 3. Ашъарийлар. 4. Мотуридийлар”, дейди.

Яна айтади: "Билишсинки, икки имом ҳам, яъни Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур мотуридийлар ўзлари бир нарсани ихтиро қилишмаган, янги йўл топишмаган. Улар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларининг йўлини кўчиришган, исбот қилишган". 

Бугун Ашъарийлар ва Мотуридийлар ер юзидаги мусулмонларнинг 90 % дан ортиғини ташкил қилади. Имом Ашъарий олдин мўътазила бўлганлар. Сўнгра тавба қилганлар. У киши Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг наслидан. Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳ эса Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳунинг авлодидан.

Ҳофиз Абу Бакр Байҳақий роҳимаҳуллоҳ айтади: "Ашъарий Аллоҳнинг динида бирор янгилик олиб келгани йўқ. Бидъат пайдо қилмади. Балки саҳобалар, тобеинлар ва буюк имомларимизнинг қавлларини олди ва уларни шарҳлаб тушунтириб берди ва бу йўлга нусрат берди".

Ҳофиз Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ айтади: "Қани энди баъзи қалблар нима сабабдан Ашъарийлардан нафратланишини билганимда эди. Ёки бидъатчилар нима учун уларни ёмон кўришини англасам эди! Ашъарийларда илмнинг кўплиги учунми, фаҳмнинг кучлилиги учунми, тавҳидга эътиқод қилганлари учунми, танзиҳлари учунми, Аллоҳдан ташбиҳ ва тажсимни рад қилганлари сабаблими, сифатларни исбот қилганлари учунми, Аллоҳ таолони ҳар қандай аъзо ва асбоблардан муқаддас деб билганлари учунми?!".

Имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Аз-завожир ан иқтирофил кабоир"да айтади: "Аҳли сунна вал жамоа деганда Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридийнинг йўллари тушунилади".

Имом Сафориний Ҳанбалий роҳимаҳуллоҳ "Лавомиъил анворил баҳийя"да айтади:

"Аҳли сунна ва жамоа учта фирқадир:

1. Асарийя. Уларнинг имоми Аҳмад ибн Ҳанбал.

2. Ашъарийя. Уларнинг имом Абул Ҳасан Ашъарий.

3. Мотуридийя. Уларнинг имоми Абу Мансур Мотуридий.

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ "Мажмуъул фатаво"нинг 12 жузи, 481 саҳифасида айтади: "Аҳли сунна бу саҳобалар ва тобеинларнинг барчаси, аҳли сунна имомлари, аҳли ҳадислар, жумҳур фуқаҳолар ва суфийлардир".

Яна бир гап. Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг "Мажмуъул фатаво"  китобининг бир жузи тасаввуфга оид бўлган. Уни салафийлар тасаввуфни ёмон кўришгани учун нашр қилишмай илмий хиёнат қилишган.

Имом Ибнуш Шатий ал-Ҳанбалий роҳимаҳуллоҳ "Ақидатус Сафорийнийя"нинг шарҳида айтади:

"Баъзи уламолар айтишадики, нажот топган фирқа бу аҳли ҳадислар(асарийя)лар, Ашъарийлар ва мотуридийлардир".

Имом Абдулбоқий ал-Мавоҳибий Ҳанбалий  "Ал-айн вал асар"да айтади: "Аҳли сунна учтадир: ашъарийлар, ҳанбалийлар ва мотуридийлар".

Ибну Субкий роҳимаҳуллоҳ "Табақот"да айтади: "Абул Ҳасан Ашъарий янги фикрга асос солмади, янги мазҳаб ихтиро қилмади. Салафлар мазҳабини ёзган холос. Саҳобалар йўлини ҳимоя қилиб курашган. Унга мансублик салаф уламоларимиз йўлига боғланишдир. Имом Ашъарий ана шунга кўра далил ва ҳужжатлар қоим қилган. Далил ва ҳужжатларда Ашъарийга эргашган инсон Ашъарийлардан дейилади".

Яна қуйидагиларни айтади: "Ҳанафийлар, Моликийлар , Шофиъийлар ва Ҳанбалийларнинг фазилатли кишилари ақидада биттадирлар. Улар Аллоҳнинг динида Абул Ҳасан Ашъарий роҳимаҳуллоҳ таълимоти асосида эътиқод қилишади".

Яна айтади: "Хулоса қилиб айтганда Абул Ҳасан Ашъарийнинг эътиқодини Абу Жаъфар Таҳовий эътиқоди ўз ичига олган. Бу эътиқодни мазҳаб уламолари мақбул дейишган. Унга рози бўлишган".

Мавоҳибий Ҳанбалий айтади: "Абул Ҳасан Ашъарий аҳли суннанинг тилидан гапирган биринчи киши эмас. Бошқаларнинг йўлидан юрган, маълум мазҳабга ёрдам қилган. Уни ҳужжат ва баён билан бойитган. У ҳеч қандай гапни ихтиро ҳам қилмаган, ҳеч қандай йўл ҳам тузмаган".

Аҳли Мадинанинг мазҳаби имом Молик роҳимаҳуллоҳга нисбат берилади. Аҳли Мадинанинг мазҳабида бўлганлар моликийлар дейилади. Имом Молик роҳимаҳуллоҳ эса ўзларидан олдингилар йўлида эдилар. Уларга қаттиқ эргашар эдилар.

У зот салафлар йўлини (салафийлар эмас) баён қилиб тушунтириб берганлари учун мазҳаб у зотга нисбат берилади. Абул Ҳасан Ашъарий ҳам шундай. У зот ҳам салафлар (салафийлар эмас) эътиқодини баён қилиб бергани учун у зотга нисбат  берилади. 

Ибн Обидин роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Раддул мухтор алад дуррил мухтор" китобида айтади:

"Аҳли сунна ва жамоа Ашъарийлар ва Мотуридийлардир".

Ҳофиз Зубайдий роҳимаҳуллоҳ ҳам "Иҳёу улумид дин"нинг шарҳида шу гапни айтган.

Икки буюк имом Ашъарий ва Мотуридий роҳимаҳуллоҳлар аҳли сунна ва жамоа ақидасини нақлий ва ақлий далиллар билан таҳрир қилишган. Имом Мотуридийни "Имомул ҳуда" (ҳидоят имоми), "Имомул мутакаллимин"(мутакаллимлар имоми) деган лақаблари бор. Бу илмдаги маконлари учун бу лақабни уммат у зотга берган.

Аллоҳ улардан рози бўлсин!

Абдулқодир Полвонов

Оставить комментарий

Комментарии