15.09.2021

Аброр Мухтор Алий: Билмаганга илм ўргатиш – садақадир

Қорақалпоғистон сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Аброр домла Мухтор Алий пешин намозига Нукус шаҳридаги “Муҳаммад Бахий эшон”, аср намозига Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидига ташриф буюриб, жамоат билан кундалик намозларни адо этди.

Аброр домла ташриф давомида масжидда ҳозир бўлган мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиб берди. Дастлаб юртимиздаги диний маърифий соҳадаги хайрли ишлар, сўнги янгиликлар ҳақида хабардор қилди, кейинги пайтдаги долзарб мавзулар, хусусун, имон ва эътиқод масаласи, адашган фирқалар, миссионерлик ҳаракати мавзусида мавъиза қилдилар.

Дарҳақиқат, бугунги кунда ёшларнинг турли мафкуравий таъсирлар нишонига айланиши ва турли оқимларга кириб қолишларининг асосий сабаблари: диний илмларни ўрганиш учун муносиб устоз танламаслик, ишонувчанлик, айрим ҳолларда қайсарлик ва шон-шуҳратга тез эга бўлишга ҳаракат қилишларидир. Бу омиллардан эса бузғунчи ғояларнинг тарафдорлари унумли фойдаланиб қолмоқдалар.

Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги давлатимиз олиб бораётган изчил ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида сай-ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “...Албатта, бирор қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларни ўзгартирмас...” (Раъд сураси 11-оят)

Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан янада жиддийроқ шуғулланишга ундайди ва туртки бўлиши керак. Тарихда эса мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Киши фарзандига одоб бериши – бир соъ эҳсон қилишидан афзалдир” (Имом Термизий ривоятлари). (Бир соъ – тақрибан 4 килограммдир).

Фарзандларга илм бериш борасида эса Муъоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:“Билмаганга илм ўргатиш – садақадир”.

Маърифий суҳбат жавол-жавобларга уланиб кетди, охирда хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Оставить комментарий

Комментарии