13.10.2021

“Таъвилот ал-Қуръон” асари 30-жузи таржимаси тақдимоти бўлиб ўтди

2021 йил 13 октябрь куни Қарши шаҳрида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, ЎМИнинг Қашқадарё  вилояти вакиллиги, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ҳамда  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ушбу тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан таржима қилинган Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари 30-жузи таржимаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари, Қашқадарё вилоят ҳокими ўринбосари, ЎМИнинг Қашқадарё  вилоятидаги вакили, бир қатор имом хатиблар, ва “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти устоз ва талабалари иштирок этди.
Тадбирда “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Ў. Ғузаров ҳамда “Калом илми” фани ўқитувчиси О. Қодировлар “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг таржимаси борасидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Таъкидлаш лозимки, диёримиз мусулмонлари мотуридия таълимоти асосида эътиқод қилишлари ва муаллиф аллома ҳам ўз ватандошимиз бўлишига қарамай, “Таъвилот ал-Қуръон” ҳозирга қадар юртимизда жиддий ўрганилмаган эди. Турли фитналар гирдобидан омон қолиб, эътиқодни соғлом тутиш машаққатли бўлиб бораётган, жаҳонда мураккаб ва кескин сиёсий-ижтимоий жараёнлар кузатилаётган, бузғунчи кучлар исломдан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланаётган бугунги вазиятда дину диёнатимизнинг энг муҳим асосларидан бири бўлган бу асарни ўзбек тилига таржима қилиш ўта зарур ва ғоят долзарб ишлардан бирига айланди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси томонидан олиб борилган изланишлар натижаси ўлароқ, бугун ўзбек тилидаги “Таъвилот ал-Қуръон” асари дастлабки 30-жузининг нашри юртимиз мусулмонлари учун жуда ҳам яхши манбаа бўлди.

 Матбуот хизмати

Оставить комментарий

Комментарии